Сайтка кириу

Тайёргарлик ишлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ республикамизда иқтисодий ва ижтимоий маълумотлар аниқлигини таъминлаш ва аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, никоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш мақсадида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди. Фармон ижроси юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Хуш, аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?

Биринчидан, аҳолини рўйхатга олиш меҳнат ва уй-жой бозорларини режалаштириш, республика бюджетини тузиш, транспорт сиёсатини юритиш, электроэнергетика, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари, тил ва диний сиёсат масалаларида жуда муҳим аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, қайси соҳада бўлмасин, келажакни башорат қилиш зарур бўлган ҳолларда аҳолини рўйхатга олиш натижаларисиз иш тутиб бўлмайди.

Иккинчидан, ундан аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолга кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.

Учинчидан, аҳоли рўйхати республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ҳамда оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.

Тўртинчидан, мазкур маълумот аҳоли пунктларининг инфратузилмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда муҳим ахамият касб этади.

Шунингдек, бундай маълумотлар илм-фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун ҳам зарур.

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Статистика комиссияси ҳамда Европа иқтисодий комиссияси билан ҳам ташкилий, услубий ва молиявий жиҳатлар бўйича хамкорлик қилинмоқда.